Yangiliklar

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ташкил этилди

01.05.2026 12

Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” лойиҳаси доирасида “Мен донорман” хайрия акциялари изчил равишда ўтказиб келинмоқда. Ана шундай эзгу ташаббусларнинг навбатдагиси Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ташкил этилди. Унда соҳа ходимлари фаол иштирок этиб, инсон ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Акция давомида тиббиёт мутахассислари томонидан донорлар саломатлиги текширилиб, қон топшириш жараёни барча санитария қоидаларига мувофиқ равишда амалга оширилди.  Тадбирда иштирок этган ходимлар беғараз донорликнинг аҳамияти, унинг инсон ҳаётини сақлаб қолишдаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. Чунки ҳар бир топширилган қон бир неча беморларга умид ва ҳаёт бахш этиши мумкин. “Мен донорман” хайрия акцияси орқали жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ўзаро ёрдам каби юксак фазилатлар янада мустаҳкамланмоқда. Бу каби тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.